Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Республика маҳаллалар кенгашида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди
21 Jan 2020

Бугунги кунда маҳалла институтининг нуфузини ошириш нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки сиёсий, тарбиявий ва улкан маънавий аҳамиятга эга бўлган устувор вазифа сифатида белгиланиб, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда унинг ишончли таянч ва таъсирчан куч бўлиб хизмат қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

21 январь куни Республика маҳаллалар кенгаши бошқаруви биносида бўлиб ўтган Кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида ана шу вазифалар ҳақида атрофлича фикр билдирилди. Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишни Ўзбекистон Республикаси бош вазири, Республика маҳаллалар кенгаши раиси А.Арипов олиб борди.

Ҳукумат раҳбари ўз сўзи давомида Муҳтарам Юртбошимиз томонидан маҳалла тизимига берилаётган катта эътибор, уларнинг кенг фаолият олиб боришлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, сўнгги йилларда тизим самарадорлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинаётган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар соҳа ривожида алоҳида ўрин тутаётганлигига тўхталиб ўтди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 2 апрелда қабул қилинган «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонлари бу йўлдаги ғоят муҳим қадам бўлганлигини таъкидлади.

Мазкур Фармон, шунингдек, қабул қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, Республика ва ҳудудий маҳаллалар кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этиш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб чора-тадбирларни амалга оширишда Республика маҳаллалар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси лавозимида ишлаб келган Шавкат Жавлоновнинг хизмати катта бўлганлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Ш.Жавлонов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси лавозимига шу пайтга қадар Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Рахмат Маматов номзоди тавсия этилди.

Р.Маматовнинг Муҳтарам Президентимиз ҳамда Ҳукумат томонидан берилган барча топшириқлар ижросини юртимиздаги энг катта ҳудудлардан бири — Фарғона вилояти миқёсида таъминлашда юксак масъулият билан ёндашиб келганлиги ҳамда бу борада ижобий натижаларга эришганлигини таъкидланди. Шунингдек, жиноятчиликни олдини олиш, маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторлар ишини самарали ташкил этиш борасида амалга оширган ишлари қайд этиб ўтилди.

Шундан сўнг йиғилишда қатнашаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси С.Турдиев, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари З.Маҳкамова, Ички ишлар вазирининг ўринбосари А.Икрамов, “Нуроний” жамғармасининг Фарғона вилояти бўлими раиси Т.Холдоров, Қашқадарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Д.Аллаев, Хоразм вилояти маҳаллалар кенгаши бошқаруви раиси А.Раджабов, Фарғона вилояти маҳаллалар кенгаши бошқаруви раиси Ш.Эрматов, Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллалар кенгаши бошқаруви раиси Т.Романовлар сўзга чиқиб, маҳалла тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар натижасида бугунги кунда маҳалланинг нуфузи ҳамда ўрни тобора ошиб бораётганлиги, шунингдек, соҳада ҳали қилиниши лозим бўлган қатор вазифалар мавжудлиги ҳақида фикр билдиришди.

Жумладан, А.Саидов ўз нутқида шундай деди:

— Маҳалла — ҳуқуқий, демократик институт. Маҳалла институти ҳақида фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясида келтириб ўтилганлигининг ўзи бу тизимнинг ҳаётимизда қандай муҳим аҳамият касб этишини кўрсатиб турибди. Янги Ўзбекистонда янги маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантириш, ёшларимиз онгига оммавий маданият унсурларининг кириб келишига қарши курашда маҳалла бизга катта бир қўрғон вазифасини бажариб беради. Шу сабабли маҳалла институтини хорижда тарғиб қилиш бўйича олиб бораётган ишларимизни янада жонлантиришимиз зарур.

Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси лавозимига номзоди илгари сурилаётган Рахмат Маматов фаолиятига катта муваффақиятлар тилаган ҳолда, маҳалла тизимини янада фаоллаштириш, унинг нуфузи ва мавқеини оширишда муҳим қадамлар қўйишига ишонаман.

Шундан сўнг сўзга чиққан Ш.Жавлонов Республика маҳаллалар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси лавозими ўзига ишониб топширилганлиги учун Президентимизга, маҳаллалар фаолиятидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда кўрсатган доимий кўмаги учун Бош вазирга ўз миннатдорлигини билдирди. Шунингдек, ушбу вазифада ишлаш даврида яқиндан ёрдам берганликлари учун республика кенгаши аъзоларига, ҳудудий кенгашлар бошқарувлари раисларига ташаккур билдириб ўтди ҳамда зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифани доимо садоқат билан бажаришини таъкидлаб ўтди.

Бош вазир томонидан билдирилган маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш борасидаги фикрлар йиғилиш қатнашувчилари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Айниқса, ёш оилалар ўртасида ажралишларни олдини олиш мақсадида янги ташкил этилиши режалаштирилаётган “Уй-жой фонди” ҳамда Фонд томонидан эҳтиёжманд ёш оилаларга имтиёзли тартибда уй-жой ажратиш борасидаги хабар бугунги куннинг энг долзарб муаммосига муносиб ечим бўлишлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда маҳалла тизимида фаолият кўрсатган фаолларнинг жонбозлик кўрсатганликларини алоҳида эътироф этди.

Йиғилишда кўтарилган ташкилий масаланинг давоми сифатида А.Арипов томонидан Р.Маматовнинг номзоди республика маҳаллалар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси лавозимига тасдиқлаш учун овозга қўйилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши аъзолари томонидан Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари — “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси лавозимига Р.Маматов номзоди бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Р.Маматов ўз сўзи давомида ўзига катта ишонч билдирганликлари учун муҳтарам Президентимизга ўз миннатдорлигини билдирди. Шунингдек, мазкур вазифада садоқат билан ишлаши, мутасадди давлат ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида фикр юритди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.Қосимов, Республика маҳаллалар кенгаши аъзолари Республика маҳаллалар кенгаши ижро аппарати масъул ходимлари, Кенгаш тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вилоятлар ва туманлар маҳаллалар кенгашлари бошқарувлари раислари, ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар, ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, ҳамкор жамоат ташкилотларнинг республика ҳамда ҳудудий бўлимлари раҳбарлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Манба: Республика маҳаллалар кенгаши Ахборот хизмати / Кўришлар: 353

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech